4 Июл 2022 йил 574

Боғимайдон МФЙга янги профилактика инспектори тайинланди

Яқинда Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи полковник Раҳмат Маматов иштирокида журналист ва блогерлар билан ўтказилган матбуот анжуманида Самарқанд шаҳар Боғимайдон МФЙ раиси, ижодкор ва журналист Тошпўлат Раҳматуллаев маҳалласидаги профилактика инспектори самарали хизмат қилганлиги сабабли юқори лавозимга тайинланганлиги, ҳозирда ушбу маҳаллада профилактика инспектори вакант турганлиги, ҳудудда тинчликни сақлаш мақсадида тажрибали инспекторни ушбу маҳалага тайинлаб беришларини сўраб мурожаат қилган эди.

Шунда бошқарма бошлиғи яқин кунлар ичида ушбу масалани ижобий ҳал этилишини таъкидлаган эди.

Бугун бошқарма бошлиғининг топшириғига асосан, вилоят ИИБнинг бир гуруҳ раҳбар ходимлари Боғибаланд МФЙга ташриф буюриб, тегишли буйруқ билан ушбу маҳаллага тайинланган профилактика инспектори капитан Элмуродов Дилмуродни маҳалла аҳлига таништириб, келгуси ишларида омад ва зафарлар тилашди.

Маҳалла раиси, журналист Тошпўлат Раҳматуллаевдан профилактика инспекторига яқиндан ёрдам бериш ва хизмат жараёнларида ўзининг қимматли маслаҳатларини аямаслик сўралди.

Ўз навбатида профилактика инспектори ҳам маҳалла тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш учун, бу масканда содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун бор куч-ғайрати ва садоқат билан хизмат қилишини билдирди.

Text to speech