21 Январ 2021 йил 2383

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш - устувор вазифа!

Мамлакатимиз келажагини белгилашда шижоатли, қатъий, мақсадни аниқ қўйиб, шу асосда ҳаракат қилаётган ёшларнинг ўрни катта. Келажак эгаларининг баркамол бўлиб вояга етиши, илму фан, замонавий техника ва технологияларни пухта эгаллаши, давр талаблари асосида таълим ва тарбия олиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун етарлича шароитлар муҳайё этиляпти.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, бу борадаги таълим-тарбиявий ишларга мамлакатимиз фуқароларини, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаол жалб этиш ва ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш мақсадида 2018 йилнинг 23 февраль кунидаги 140-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси кучга киритилди.

Зеро бугунги глобалашув шароитда инсон онги ва қалбини забт этиш учун курашлар кескин тус олаётган бир даврда халқаро майдонда ёшларни ҳар қандай хавф ва таҳдидлардан асраш, уларнинг мустақил фикри, эътиқодини ва қатъий ҳаётий позициясини шакллантириш энг муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифалардан бир бўлмоқда.

Дарҳақиқат, ватанпарварлик ёшларда фуқаролик бурчи, шахсий масъулият ҳисси, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини, фаол ҳаётий позиция ва қатъий эътиқодини, касбий маҳоратини шакллантирадиган қудратли воситадир. Бундан унумли фойдаланган ҳолда ёшларимизда ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, Она-юрт тақдири учун масъулият туйғусини мустаҳкамлаш, уларни ўз касбига садоқатли ва ҳар томонлама етук кадрлар этиб тарбиялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўришимизни тақозо қилмоқда.

Маълумот ўрнида Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари қуйидаги тўрт босқичда амалга оширилади:

биринчи босқич (3-7 ёшдагилар) атрофдаги олам, Ватан ҳақида дастлабки тасаввурлар пайдо бўладиган босқич ҳисобланиб, унда оила ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга тегишли йўналишлар бўйича шеърлар, қўшиқлар ўргатиш, эртак ва ҳикоялар айтиб бериш, расмлар чиздириш, ҳарбий музейлар ва маданият ва истироҳат боғларига экскурсиялар, спорт мусобақалари ташил этиш, давлат рамзлари (байроқ, герб, мадҳия) билан таништириш асосида уларда она юртга муҳаббат туйғуларини шакллантиришни ўз ичига олади;

иккинчи босқичда (7-16 ёшдаги болалар) ўқувчиларнинг Ватанга муҳаббати ва садоқатини мустаҳкамлаш, Она-юрт олдидаги фарзандлик бурчини юксак масъулият билан бажариш, уларда Қуролли Кучларимизга бўлган ишонч ва ижобий фикрларни янада кучайтириш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ѐшларнинг жисмонан соғлом, маънавий етук, мустақил фикр юритадиган баркамол инсон сифатида шакллантириш каби эзгу ишларга даъват этилади;

учинчи босқич (16-18 ѐшдаги ўсмирлар) ёшларда Ватанга ва унинг ҳимояси учун муносиб хизмат қилишга руҳан ва жисмонан тайёрликни таъминлашга йўналтирилади. Миллий армиямиз учун жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизматнинг аҳамияти, Қуролли Кучларда олиб борилаѐтган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот бериб борилади;

тўртинчи босқич (18-30 ёшдагилар) ёшларнинг жисмоний ва маънавий қобилияти, етакчилик кўникмалари ва интеллектуал салоҳияти, профессионал малакасини ошириш, эгаллаган касбига садоқати ва фидойилиги билан Ватан равнақи ва юрт тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиш ва бунга эришишни назарда тутади.

Ҳусан Ғозиев, капитан.

Text to speech