8 Июн 2021 йил 343

Каттақўрғонда ИИВ Ҳуқуқбузарлик профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари иштирокида семинар ўтказилди

Жамиятда ҳуқуқбузарликлар, хусусан хотин-қизлар томонидан турли хилдаги жиноятларнинг содир этилиш ҳолларининг учраётгани жуда ачинарли. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган опанинг синглиси ҳаётига зомин бўлиши, ўз жонига қасд қилиш, турмуш ўртоғи ҳаётига суиқасд қилиш, рашк сабабли оилавий ажримлар акс этган лавҳалар барчамизни ажаблантириши билан бирга чуқур қайғуга ҳам солади. Чунки кейинги вақтларда бу борада жуда кўплаб тадбирлар, давра суҳбатлари, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Агар мушоҳада қиладиган бўлсак, мана шу каби иллатларнинг асосий сабаби оиладаги носоғлом муҳит. Яқинда Каттақўрғон туман ҳокимлигида бўлиб ўтган семинарда ушбу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Вилоят хотин-қизлар кенгаши ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Оилада соғлом муҳитни шакллантиришда Давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар” мавзусидаги ушбу семинарда Каттақўрғон шаҳар ҳамда Каттақўрғон туман хотин-қизлар кенгаши раислари, ИИБ ХПБ Хотин-кизлар масалалари бўйича катта инспекторлари, судлар ҳамда маҳалла раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Сайёра Джумаева, Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарлик профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари У. Абдуллаева ва бошқалар хотин-қизлар жиноятчилигини олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантиришда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги, судларда оилавий низоларни ҳал этишдаги муаммолар, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қилинадиган ишлар хусусида сўз юритдилар.

Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Албатта, бу каби семинарлар оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, хотин-қизлар ўртасида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу ишларда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

Text to speech