11 Сентябр 2021 йил 481

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳудудларда криминоген вазиятни илмий ёндашув асосида комплекс ўрганиш ҳамда жиноятчиликни жиловлашга қаратилган янги тизим жорий этиш бўйича ишчи гуруҳининг Самарқанддаги фаолияти давом этмоқда

Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг 2021 йил 12 февралдаги кенгайтирилган йиғилишида жиноятлар кўп содир этилаётган туман ва шаҳарларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳи айни кунларда Ургут туманида жиноятчилик аҳволини илмий ёндашув асосида ўрганмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, тумандаги 30 та маҳалла «қизил», битта маҳалла «сариқ» ва 71 та маҳалла «яшил» тойифага киритилган. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида туман ҳудудида 280 та жиноят қайд этилган бўлиб, уларнинг аксариятини талончилик, фирибгарлик, ўғирлик, безорилик ва бошқа турдаги жиноятлар ташкил этади. Оилавий келимовчиликлар, турли низолар туфайли қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш каби ҳолатларнинг кескин ошгани ачинарли. Хусусан, шу турдаги жиноятларнинг 3 таси оилавий жанжал, 2 таси маҳалладошлар орасидаги адоват, 4 таси рашк сабабли содир қилинган.

Бу эса аҳоли муаммоларининг «маҳаллабай», «хонадонбай», «фуқаробай» сингари самарали механизмлар ёрдамида ҳал этилмагани, «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» каби дастурлар ижроси қоғозда қолиб кетаётганидан далолат беради.

Маълумки, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар билан профилактик тадбирлар ўтказиш, маъмурий назорат юритиш муҳим аҳамият касб этади. Бироқ илгари судланган шахслар томонидан қайта жиноятга қўл урилаётгани бу борада ҳал қилиниши лозим бўлган ишлар борлигини кўрсатмоқда.

Масалан, тегишли органлар томонидан профилактик ҳисобга олиш учун асос бўладиган МЖТКнинг моддалари бўйича 1279 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, шундан 315 таси ҳисобга олинган, яна 531 таси огоҳлантирилган бўлса, 418 таси бўйича суд томонидан қабул қилинган қарор ИИОФМБга юборилмаган.

Ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида ҳуқуқ-тартибот масканларининг айримлари капитал таъмирга муҳтожлиги, профилактика инспекторлари хизмат уйи ва шахсий автомашина билан етарли даражада таъминланмагани маълум бўлди. Бу эса ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, жиноятлик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, алоҳи ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва профилактика ишларини самарали ташкил этишга имкон бермаган.

Барчамизга аёнки, жиноятчиликнинг ўсишига имкон берувчи омиллардан бири – бу ишсизликдир. Бу эса профилактик ҳисобда турган ёки муаммоси мавжуд бўлган шахслар билан ишлаш, уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал этишда уюшқоқлик билаш ишлашни талаб этади. Ўрганишлар давомида алоҳининг фаол қатламлари орасида ижтимоий сўровнома ўтказилиб, жиноятликни жиловлашга салбий таъсир кўрсатаётган сабаб ҳамда шарт-шароитлар таҳлил қилинди. Уларнинг натижасига қараб тегишли ташкилот ва органлар ҳамкорлигида туманнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Хулоса ўрнида айтганда, жиноят – бу ўз номи билан хавфли ва жирканж иллат. Мамлакатимизда улкан янгиланишлар кечаётган ҳозирги ислоҳотлар даврида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишини барвақт олдини олиш, ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга давлат органлари билан бирга, барча фуқаролар ҳам бирдек масъул эканлигини унутмаслигимиз керак.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Text to speech