27 Май 2021 йил 399

Профилактика инспекторлари учун 3 йилда 3 мингга яқин уй-жой қурилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларини 2021-2023 йилларда хизмат уй-жойлари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 317-сон қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан 2021-2023 йилларда ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини бевосита улар хизматни ўтайдиган ҳудудда жойлашадиган хизмат уй-жойлари билан таъминлаш дастури тасдиқланди.

Дастур қуйидагиларни назарда тутади:

Жами - 2 965 та, шундан
2021 йилда 993 та,
2022 йилда 988 та
2023 йилда 984 та уй-жойни янгидан қуриш;

Жами - 223 та, шундан
2021 йилда 80 та,
2022 йилда 72 та,
2023 йилда 71 та янги хонадон харид қилиш;

Жами - 161 та, шундан
2021 йилда 63 та,
2022 йилда 51 та,
2023 йилда 47 та уй-жойни тўлиқ таъмирлаш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ДУК - Дастур доирасида хизмат уй-жойларини қуриш бўйича буюртмачи ҳисобланади.

Хизмат уй-жойлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида» 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон қарорига мувофиқ 0,02 гектар ҳажмдаги ер участкаларида жойлаштириладиган, ҳовли иншоотларига эга бўлган бир қаватли 2 ва 3 хонали уй-жойларнинг намунавий лойиҳаси бўйича қурилади.

Қурилиш компанияларини танлаш учун тендер ўтказилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2021 йил 21 май кунидан кучга кирди.

Text to speech