13 Ноябр 2020 йил 437

Республика ишчи гуруҳи бугун Самарқанд вилоятининг 6 та туманидаги маҳалларда ўрганиш ишларини олиб борди

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси, ИИВ, МваОҚҚВ ҳамда Миллий гвардиянинг “Маҳалла ва овулларда ижтимоий-маиший муаммоларни аниқлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорликдаги фаолиятнинг аҳволини мониторинг қилиш” жадвалига асосан, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари А.И.Икрамов бошчилигида Ишчи гуруҳнинг жорий йил 13-17 ноябрь кунлари Самарқанд вилоятида ўрганиш ишларини олиб боришади.

Ишчи гуруҳи томонидан бугун вилоятнинг Нуробод, Самарқанд, Оқдарё, Пайариқ, Нарпай ҳамда Пахтачи туманларида маҳалла тизимидаги муаммолар, профилактика инспекторлари томонидан таянч пунктларида юритилаётган иш ҳужжатлари аҳволи ўрганилиб, уларга зарурий кўрсатмалар ва амалий тушунчалар берилди.

Даставвал, барча туманлардаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда туман ИИБ раҳбар ва ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.

Шунингдек, асосий эътибор "Хавфсиз маҳалла" ва "Обод маҳалла" тамойили асосида маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда профилактика инспекторларининг иш юритувида бўлган ҳужжатлар, уларнинг маҳалла билан ҳамкорликдаги фаолиятига қаратилиб, ходимларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишидаги ишларни жадаллаштириш бўйича тавсиялар беришга қаратилмоқда.

Ишчи гуруҳнинг ўрганиш ишлари эртага вилоятнинг бошқа туманларда давом эттирилади.
 
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech