5 Апрел 2021 йил 352

Самарқанд вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил этилган оммавий сайёр қабуллар самарали ўтди

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар Олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбар ходимлари иштирокида 31 мартдан 3 апрель кунлари Самарқанд вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабуллар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Камилов раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан мурожаатлари тингланди.

Очиқ мулоқотларда ҳар бир масала ихтисослик бўйича масъуллар билан бирга муҳокама қилинди. Айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал қилинган бўлса, қолганлари бўйича аризалар қабул қилиниб, тегишли тартибда кўриб чиқиш белгиланди. Ҳар бир мурожаат натижаси назоратга олинди. Бу эса вилоятнинг олис ва чекка ҳудудлари аҳолиси муаммоларига ечим топишда муҳим аҳамият касб этди.

Жомбой, Тайлоқ, Самарқанд туманлари ва Самарқанд шаҳри аҳолиси учун Самарқанд туманида, Иштихон тумани ҳокимлиги биносида Иштихон ва Оқдарё туманларининг фуқаролари учун Қўшработ туманида Қўшработ ва Паяриқ туманлари аҳолиси учун, Пастдарғом туман ҳокимлиги биносида Пастдарғом ва Нуробод туманларининг фуқаролари учун, Каттақўрғон шаҳрида Каттақўрғон шаҳар, Каттақўрғон, Пахтачи ва Нарпай туманлари аҳолиси учун, Ургут туман Давлат хизматлари Маркази биносида Ургут ва Булунғур туманлари учун ташкил этилган оммавий сайёр қабулларда жами 1,5 мингга яқин фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинди.

Шундан 467 тасини жиноят ишлари, 146 тасини маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари, 689 тасини фуқаролик ишлари, 51 тасини иқтисодий ишлар ва 80 тасини оммавий муносабатларни келиб чиқадиган маъмурий ишлар ташкил этди.

Натижада жиноят ишлари бўйича 18 нафар фуқаронинг аризаси қабул қилинди. 206 та фуқарога тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди, 9 нафар фуқаронинг апелляция шикоятлари қабул қилинди ва 1 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ҳал қилиниб, ишни тайинлаш қарори берилди.

Бундан ташқари 145 нафар судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо турлари Жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод этилди. 24 нафар судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо турлари Жиноят кодексининг 74-моддаси тартибида енгилроғига алмаштирилди. 2 нафар судланувчиларга нисбатан озодликни чеклаш жазоси қўлланиб, суд залидан озод қилинди.

Масалан, Қўқон шаҳрида яшаган А.Расулов, А.Камолов, Ғузорлик Б.Давлатов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосидан шартли озод қилиниб, уйига кузатиб қўйилди.

Паяриқлик С. Ҳошимов ҳам содир қилган қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилиб, 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган эди. С. Ҳошимов жазодан тўғри хулоса чиқарди, хато-камчиликларини тузатиб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйди. Сайёр қабулда унинг мурожаати тингланди ва ўрганиб чиқилди. Сайёр суд тадбирлари доирасида ташкил этилган сайёр суд мажлисида у ўталмай қолган 6 ойлик жазосидан шартли равишда озод қилинди.

Бир неча йил олдин Р. Суюнова ҳам билиб-билмай жиноятга урган. Қилмиш-қидирмиш, жиноятга жазо муқаррар. Р. Суюнова узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазосининг бир қисмини ўтагач, жазо ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди. Р. Суюнова ҳали 4 йилу 1 ой муддат жазо ўташи керак эди. Сайёр судда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлиги, қилмишига яраша жазосини олганлиги, ўзига тегишли хулоса чиқарганини баён қилди. Жазони ўташ даврида тузалиш йўлига қатъий ўтиб, тартиб-интизомга қатъий риоя қилганлиги, намунали хулқ-атвори билан ишончни оқлаганини таъкидлаб мурожаат қилди. Унинг мурожаати ҳам сайёр суд мажлисида батафсил ўрганиб чиқилди ва шартли равишда жазодан озод қилинди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлар бўйича 18 та фуқарога тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди. 35 та фуқаронинг мурожаатлари ижобий ҳал қилиниб, МЖтКнинг 21-моддаси қўллаган ҳолда огоҳлантирилди ва ишлари тугатилди. 72 та фуқаронинг мурожаатлари ижобий ҳал қилиниб, МЖтКнинг 
271-моддаси 11-бандига асосан ишлари тугатилди.

Масалан, Тойлоқ тумани «Ғўлба» маҳалласида яшовчи Ф.Ҳикматов, Ў.Давронов, «Боғичинор» маҳалласида яшовчи А.Абдумўминов, «Жалолобод» маҳалласида яшовчи Н.Негматовлар содир қилган ҳуқуқбузарлиги учун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлигини, транспорт воситасини бошқариш орқали рўзғор тебратиши, бугунги кунда оиласининг моддий аҳволи қийинлашиб қолганини маълум қилди. Қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни сўраб мурожаат қилди. Уларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Фуқаролик ишлари бўйича 204 та фуқаронинг даъво аризаси 1-инстанция судининг иш юритувига қабул қилинди, 61 та фуқаронинг аризалари ҳуқуқий тушунтириш бериш учун қабул қилинди ва 322 та фуқарога тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Бундан ташқари 115 та фуқарога алимент ундириб берилди. 63 та фуқаронинг пенсия таъминоти билан боғлиқ низолари ҳал этилди. 55 та ҳолатда фуқаролик ишларининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиши таъминланди. 12 та ҳолатда никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъволар бўйича тарафлар яраштирилди. 16 та ҳолатда эса иш ҳақи ундириш ҳақидаги аризалар қаноатлантирилди.

Иқтисодий ишлар бўйича 26 та юридик шахс вакили ва тадбиркорга тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди. 5 та фуқаронинг аризалари ҳуқуқий тушунтириш бериш учун қабул қилинди. 4 та ҳолатда иқтисодий ишларнинг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиши таъминланди ва ижобий ҳал қилинди.

Шунингдек, қабуллар жараёнида 172 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектининг кассация шикоятлари Олий судда кўриш учун қабул қилинди.

Қабулларда муаммолари ҳал бўлган 402 та нафар фуқаролар 
ва тадбиркорлик субъектлари ёзма ва оғзаки ташаккурнома билдирдилар.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Қўшимча мисоллар

Худайберди Номозов 2001-2002 йилларда Жиззах вилояти Зарбдор туманида фермер хўжаликлари уюшмасида раис бўлиб ишлаган. Жиззах вилоят судининг 2003 йил 18 июндаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми «а,б» бандлари, 205-моддаси 2-қисми «а,в» бандлари, 209-моддаси 1-қисми билан айбланиб, 11 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Бу иш кейинчалик Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясида кўрилган.

2021 йил 19 март куни Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида, видеоконференсалоқа тизими орқали ўтказилган очиқ суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг 2003 йил 18 июнь кунги Худойберди Намозовга оид чиқарилган ҳукми бекор қилинди ва у айбсиз деб топилиб, оқланди.

*****

Нигора Тошпўлатова Иштихон туманидаги агротехсервис корхонасида узоқ йиллар ҳисобчи бўлиб ишлаган. Аммо ўз иш фаолиятига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган. Собиқ ҳисобчи ўз раҳбариятига ва турли идораларга кўп бора мурожаат қилган, лекин натижа бўлмаган. Ҳеч ким асоссиз ишдан бўшатилган ҳисобчини эшитишни истамаган.

Оммавий сайёр қабуллар ўтказилаётганидан хабар топган Нигора Тошпўлатова адолат истаб келди. Унинг меҳнат соҳасига оид бузилган ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги мурожаати тингланди, суҳбат жараёнида барча тафсилотлар, ҳужжатлар ўрганилди. Иш судда кўрилиши белгиланди.

*****

Самарқанд шаҳрида яшовчи тадбиркор Заби Аҳмедов ҳам бундан 7 йил муқаддам адолатсизликка учраб, Жиноят кодексининг турли моддалари билан ноҳақ айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У оммавий қабулда Олий суд раисига мурожаат қилиб, ўзига қўйилган айблар асоссиз эканини билдириб, унга нисбатан жиноят ишини қайта кўриб чиқилишини ва асоссиз айбловларни бекор қилишни сўради. Унинг мурожаати қабул қилиниб, судда қайтадан кўрилишини ва адолатли ҳал этилиши белгиланди.

*****

Ойсанам Эшниёзова Нуробод туманининг Тим қишлоғида яшайди. У 30 йил тиббиёт соҳасида ҳамшира бўлиб ишлаган, аммо нафақага чиқиш пайтида ишлаганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тўплашда муаммога дуч келган. Унинг иш фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларининг бир қисми ташкилот ҳисобхонаси ва архив идораларида топилмади. Ойсанам Эшниёзова кўп овора сарсон бўлиши натижа бермади - масаласи ҳал бўлмади. Шундан сўнг, у киши ноиложликдан тўлиқсиз меҳнат стажи билан нафақага чиқишга мажбур бўлади. Онахон оммавий қабулда ушбу масала юзасидан мурожаат қилди. Унинг аризаси қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди. Натижада кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммосига қонуний ечим топиладиган бўлди.

*****

Пастдарғомлик Шириной Сувонова бундан 6 йил аввал турмушга чиққанди. Икки нафар фарзанди бор. Арзимаган оилавий можаролар сабаб ота уйига аразлаб кетиб қолган. Оммавий қабул давомида Шириной Сувонова ҳамда унинг турмуш ўртоғи билан суҳбат ўтказилди, ўзаро келишмовчилик сабаблари ўрганилиб, оила барбод бўлса фарзандлар тақдирига ҳам салбий таъсир кўрсатиши ва бошқа бир қатор аянчли оқибатларга олиб келиши тушунтирилди. Шундан сўнг, аразлаб юрган эр-хотин яраштирилиб, ажрим ёқасига келиб қолган оила сақлаб қолинди.

*****

Бозор Жонузоқов Самарқанд вагон депосида узоқ йиллар зарарли меҳнат шароитида ишлаган. Ташкилот маъмуриятининг айби билан вақти-вақти билан аттестациялардан ўтказилмаган, ўтказилганларининг ҳам ҳужжатлари сақланмаган. У нафақага чиқиш пайтида туман Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ҳужжатлар тақдим қилганида улар аттестация хулосаларини сўрашган. Бозор Жонузоқов ишлаган ташкилотга бориб шу ҳужжатларни сўраб ололмади. Шундан кейин унинг сарсонгарчилиги бошланди. Натижада нисбатан кам миқдордаги нафақага чиқди.

Оммавий сайёр қабулга келган Бозор Жонузоқов вагон таъмирлаш депосида оғир ва зарарли вазифаларда ишлаганлиги фактини белгилаб беришни сўраб мурожаат қилди ва ҳужжатларини тақдим қилди.

Шу ернинг ўзида фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унинг мурожаати батафсил кўриб чиқилди. Судда Бозор Жонузоқовнинг аризаси қаноатлантирилиб, унинг Ўзбекистон темир йўллари Самарқанд вагон депосида меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда ишлаганлик факти тасдиқланди.

*****

Самарқанд вилоятида ўтказилган оммавий қабуллар доирасида суд мажлислари ҳам ташкил қилинди. Хусусан, Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича аппеляция инстанциясида Умида Юлдашеванинг иши кўриб чиқилди. Иш ҳужжатларига кўра, у ўзи ижарада яшаб келган хонадондан хонадон эгасига тегишли бўлган пулларни ўғирлаган ва бунинг учун судланиб 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Қилган хатосини тўғри англаб етган Умида Юлдошева етказилган зарарни қопланганлигини билдириб, судга аппеляция тартибида шикоят киритган. Суд унинг ишини кўриб чиқиб мазкур шикоятни қаноатлантирди ҳамда маҳкуманинг жазосини қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазога алмаштирди.

*****

Бекназар Муротов, Бекзод Болиев, Шерзод Болиев, Илёс Ҳасанов ва Бахтиёр Болиев ўзаро қариндош. Ёшлик бебошлик, деганларидек бу йигитлар гуруҳ бўлишиб, жамият юриш-туриш қоидаларини менсимасдан бир нечта фуқароларни уриб-дўппослаб тан жароҳати етказишган. Натижада, қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришди. Уларнинг ҳар бири 5 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Оммавий қабуллар доирасидаги аппеляция суд мажлисида мазкур иш кўриб чиқилди. Маҳкумларнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, қатъий тузалиш йўлига ўтганлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, жабрланувчилардан кечирим сўраб, етказилган зарарларни қоплаганлиги, қарамоғида фарзандлари борлиги инобатга олинди. Уларга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликдан чеклаш жазосига алмаштирилди ва улар суд залида қамоқдан озод қилинди.

*****

Булунғурлик Гулнора Ниёзқулова оммавий қабул мурожаат қилиб, ўз муаммосини баён қилди. Маълум қилишича, у ёшлик даврида фамилияси Хонимқулова бўлган. Турмушга чиққач, турмуш ўртоғининг фамилиясига ўтиб Ниёзқулова бўлган. Бир умр қишлоқ хўжалигида ишлаган онахоннинг ҳужжатларида ширкат хўжалиги мутасаддиларининг айби билан бир жойда Хонимқулова, яна бир жойда Ниёзқулова деб ёзилиб кетган. Нафақа чиқиш пайтида ҳужжатларини тақдим қилганда муаммо пайдо бўлди. Ширкат хўжаликлари эса тугатилиб кетган.

Кўп оворагарчиликларни бошидан ўтказган Гулнора Ниёзқулова оммавий сайёр қабулга келиб мурожаат қилди. Шунингдек, булунғурлик Рустам Хидиров, Гулчеҳра Аҳмедова ҳам ҳужжатларда исми фамилияси нотўғри ёзилганлиги сабабли нафақага чиқишда муаммоларга дуч келганини баён қилиб, исми фамилияси нотўғри ёзилган иш ҳақи ҳақидаги ҳужжатларини ўзларига тегишлилигини тасдиқлаб беришни сўрашди.

Шу ернинг ўзида фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг сайёр суд мажлиси ўтказилди. Суд аризачиларнинг мурожаатларини ва ҳужжатларини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, аризаларни қаноатлантирди. Юридик аҳамиятга эга ҳужжатларнинг тегишлилик фактини тасдиқлади.

Text to speech