1 Сентябр 2021 йил 603

Самарқандда байрам муносабати билан тақдирланган ички ишлар органларининг бир гуруҳ фахрийларига мукофотлар тантанали равишда топширилди

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тантаналарини самарқандликлар ҳам ўзгача кайфият ва кўтаринкилик билан нишонламоқда.

Борингни бериб, ўз касбингга садоқат ва виждонан хизмат қилиш, ҳар бир инсонни камолот сари етаклайди. Ана шундай фидойи ва жонкуяр фахрийлар ҳар вақт ҳам эл ардоғида бўлишади. Самарқанд вилояти ИИБ жамоаси ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилиб, бугун нафақа гаштини сураётган бир гуруҳ фахрийларни улуғ айём билан қутлаб, уларга байрамона кайфият улашишди.

Дастлаб, шу тизимда хизмат қилиб, жон фидо этган ички ишлар ходимлари ҳаққига “Қуръон” тиловат қилинди. Сўнгра Давлатимиз мадҳияси янгради. Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи барча тўпланганларни қутлуғ айём билан самимий табриклаб, муҳтарам юртбошимиз ҳамда Ички ишлар вазирининг байрам тилакларини тадбир иштирокчиларига етказди.

Энг қувонарлиси байрам муносабати билан ёшларимизни тарбиялашда ўзини беқиёс ҳиссасини қўшаётган фахрийларимизнинг 2 нафари Ички ишлар вазирлигининг “Фахрий ходим” кўкрак нишони билан, 24 нафари вазирликнинг, 15 нафари вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқлари билан рағбатлантирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ички ишлар органларида хизмат қилган фахрий ходимлар илк маротаба “Фахрий ходим” кўкрак нишони билан тақдирланаётгани қувонарли ҳол. Тадбир давомида фахрийлар ҳам сўзга чиқиб, бу каби эътибордан Ички ишлар вазирлиги ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди. Қизғин суҳбатлар бир пиёла чой устида давом этди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёналари юртимизнинг барча гўшаларида кўтаринкилик билан давом этмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech