5 Июл 2022 йил 113

Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи маҳалла раислари билан семинар ўтказди. Семинар сўнгида улар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, маҳаллалардаги муаммолар тингланди.

Ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишда ўзини-ўзи бошқариш органларининг таъсири беқиёс. Қадимдан юртимизда маҳаллалар ижтимоий ҳамкорлик маскани сифатида шарқона демократиянинг кўзгуси бўлиб хизмат қилган. Маҳалла аҳли жамоага оид масалаларни ҳал этишдан ташқари, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, тўй ва таъзияларда хонадон соҳиблари билан бир тану-бир жон бўлиб унинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишда ҳам иштирок этган.

Ўтган йиллар мобайнида маҳалла мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада чуқурлаштирувчи, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватловчи маскан сифатида ҳам шаклланди.

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат Университетида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари Раҳмат Маматов ва Самарқанд шаҳридаги мавжуд маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасидаги ишлар хусусида сўз юритилди.

-Маҳалла раиси ташаббускор, халқнинг оғирига елкадош, муаммо ва масаласига кўмакдош бўлиши лозим. Ҳар бир ҳудуднинг фаровонлиги маҳалла ободлигидан бошланади. Маҳалла раиси ўз ҳудудини ободонлаштиришда жонбозлик кўрсатса, юртимиз обод бўлади, обод юрт инсонларининг кайфияти ҳам кўтаринки, эртанги кунга бўлган ишончи баланд, ҳаётга қизиқиши ҳам ошади, -дея таъкидлади Раҳмат Маматов.

Дарҳақиқат, бугун ўзини- ўзи бошқариш органлари раислари ислоҳотлар жараёнида фаол, аҳолининг ватанга дахлдорлик туйғулари билан бугунидан рози бўлиб яшашини таъминлашда илғор бўлиши ҳар қачонгидан муҳим. Қайд этилдики, маҳалла тизимига эътибор кучайтирилди, уларнинг моддий-техник базаси тубдан яхшиланди. Муаммолар маҳаллада ечим топмоқда. Аҳоли муаммоларини аниқлаш, мушкулини осон қилишнинг ўзи бўлмайди. Бунда маҳалла раиси раҳбарлар олдига масалани кўндаланг қўя олиши шарт.

Мулоқот давомида иштирокчиларнинг “Дўстлик”, “Қуйи хўжа соат”, “Мотрид”, “Ёшлар” МФЙ ҳудудига светафор ўрнатиш, ички ишлар тизимига ишга жойлашиш, рўйхатга киритиш ва “Ибн Сино” маҳалласига видеокузатув қурилмаси ўрнатиш каби савол ва мурожаатлари ҳам эшитилиб ижроси юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Умида Мамадалиева

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech