20 Октябр 2022 йил 751

“ТАРБИЯ Ё ҲАЁТ- Ё МАМОТ, Ё НАЖОТ-Ё ҲАЛОКАТ, Ё САОДАТ-Ё ФАЛОКАТ МАСАЛАСИДИР”

Ҳақиқий маърифатпарвар бўлган Абдулла Авлонийнинг бу сўзларини билмайдиган инсон бўлмаса керак. Бу сўзларни айтиш учун А.Авлонийда жуда катта билим, тажриба бўлганлиги ҳам бор гап. Бу сўзлар ўз-ўзидан юзага келмаган. Уни осмондан олиб ёзилмаган ва шу боис ҳам у ҳали ҳануз ўз долзарблигини, аҳамиятини йўқотмай келмоқда.

Тарбияга ҳеч вақт иккинчи даражали иш, деб қарамаслик керак. Агар шундай ўйланадиган бўлса бу катта ҳамда тузатиб бўлмас хато бўлади. Тарбия ҳамиша тарғибот ҳамда ташвиқот усуллари билан ҳамкорликда олиб борилиши зарур. Сабаби қуруқ гап билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Агар шу таҳлит иш олиб бориладиган бўлса, бу қуруқ сафсата бўлиб қолади. Бу сафсатани эшитишга кетган вақтингга ачинасан холос.

Аммо у таъсирли, жозибали, аниқ мисолларга, фактларга асосланган бўлса фақат фойда келтиради. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда республикамизнинг турли ҳудудларида содир бўлган аянчли йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди. Айниқса, Тошкент шаҳрида, Самарқанд вилоятида содир бўлган аянчли ҳодисалар кўпчиликни жунбушга келтирди. Ҳар ким ҳар хил фикр билдирди. ЙПХ ходимларини айблаганлар ҳам, йўлнинг носозлигидан шикоят қилганлар ҳам, йўл белгилари ва йўл ётиқ чизиқларига эътироз билдирганлар ҳам бўлди. Майли, воқеага қандай бахо бериш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Аммо, бу ерда, бу ҳодисаларнинг келиб чиқишида энг асосий омил бу тезлик бўлганлигини унутмаслигимиз керак. Мана шу ерда тарбиядаги кемтик жой ўзини яққол кўрсатишини ҳам айтишга мажбурмиз. Чунки, биз ҳам ҳаракат иштирокчисимиз. Ҳоҳлаймизми, ҳоҳламаймизми ҳар куни оила, иш, турмуш ташвишлари билан мураккаб ҳаракат жараёнида иштирок этамиз ва йўлларимиздаги тартибсизликларни кўрамиз.

Машҳур хофизимиз Шерали Жўраев бир қўшиқни куйлашдан олдин озгина шу қўшиққа тушунча берганларида “Замон тезлашиб кетди.”, деган эдилар. Ўша вақтда бу гапга унчалик эътибор бермаган эканман. Аммо, ҳозир фикрларимни ёза туриб хофизнинг шу сўзлари ёдимга келиб қолди. Ҳақиқатан ҳам, чуқурроқ ўйлаб кўрилса замон тезлашиб кетгандек. Чунки, ҳаммамиз ҳамиша шошиб юрамиз. Бир манзилдан иккинчисига тезроқ етиб олишни, қурилаётган иморатимизни тезроқ битиришни, ўғлимизни тезроқ уйлантиришни, унга тезроқ машина олиб беришни, уни тезроқ бой бўлиб кетишини ўйлаймиз. Шу мақсадлар йўлида шошганимиз-шошган. Бу шошилинч йўлда Қонунларни ҳам, қоидаларни ҳам, қадриятларни ҳам унутамиз. Гўёки улар бизнинг шошилинч ишимиз олдида ҳеч нарсадек. Оқибатда эса кўп нарсани йўқотамиз. Аммо буни жуда кеч тушуниб етамиз. Уни тушунганимизда, англаб етганимизда бу пешона қурғур деворга урилиб бўлган, ғишт қолипдан кўчган бўлади.

Аттанг, деймиз, ох-вох чекамиз, кимларнидур айблаймиз. Лекин асло айб ўзимизда эканлигини тан олмаймиз. Қандайдир бир ёввойи, миллатмизга хос бўлмаган қайсарлик бизни тўғри фикрлашдан чалғитади. Ҳақиқатни кўришимиз керак бўлган кўзларимизни беркитади.

Биламан, ҳозир шов-шув бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида яна бир-икки кун гапирилади. Кейин қумга тўкилган сувдек у изсиз йўқолиб кетади. Кун тартибига бошқа бир масала чиқади. Ва бу муттасил давом этиб кетаверади. Бу гапларни айтишдан мақсад нима? Нима учун мақолани Абдулла Авлонийнинг гапларидан бошладик. Гап шундаки, содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларидан кейин Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари айнан ўша воқеалар тафсилотларини фуқароларга етказиш учун тарғибот тадбирларини кучайтиришибди. Жойларда учрашувлар ташкил этишаяпти. Бу яхши, жуда ҳам керакли тадбир. Фақатгина уни янада кучайтириш керак. Бу ишга журналистларни, маҳалла фаолларини, ёшларни ҳам жалб этиш зарур. Бу фақат фойда келтиради, асло зарар бермайди. Мана шундай учрашувларда иштирок этган 100 та одамнинг ҳеч бўлмаса биттаси масала моҳиятини тўғри тушуниб етиб, уни ҳеч бўлмаганда ўз оиласида тарғиб қилса бунинг нимаси ёмон. Тоғларда кўчкилар қандай содир бўлишини бир кўз олдингизга келтириб кўринг.

 

Аввал битта кичкина тош ўрнидан силжийди, у бошқа бир тошни ҳам қўзғотади ва шу тахлит катта кўчки юзага келади. Шундай экан биз ҳар биримиз яхшиликка етакловчи кўчкиларнинг бир кичкинагина бўлаги бўлишга интилишимиз шарт. Бу ишда ходимларни қўллашимиз керак. Чунки ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш битта соханинг ёки битта одамнинг иши эмас. У умум ишимиздир.

Шу ўринда чет эл тажрибасидан бир мисол келтирмоқчиман. Германиянинг марказида жойлашган Франкфурт-на-Майне шаҳрида 800 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Энг қизиғи ушбу шаҳар полициясида 380 та тарғибот инспектори фаолият юритади. Уларга тарғибот ишидан ташқари бошқа вазифалар ҳам юклатилган. Аммо асосий иши тарғибот. Дейликки, шаҳарда бирор-бир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлса ана шу 380 та одам қолган ҳамма ишини йиғиштириб қўйиб, мунтазам равишда тарғибот тадбирларини амалга оширади. Корхоналарга, ташкилотларга, турар-жойларга бориб содир бўлган ўша йўл-транспорт ҳодисасининг тафсилотларини фуқароларга тушунтиришади. Бундай ҳолат юз бермаслиги учун нималар қилиш кераклигини қайта-қайта гапириб, маълумот тарқатишади. Бутун шаҳарни тарғибот тадбирлари билан қамраб олишганидан сўнг бошқа вазифаларини ҳам қўшиб давом эттиришади.

Бу ҳолат баъзиларга эриш туюлиши мумкин, аммо бу факт. Немислар шу йўл билан шаҳарда содир этиладиган оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини кескин камайтиришга эришишди. Бу ўрганишга арзийдиган тажриба эмасми? Нима, биз шу ишни эплай олмаймизми? Эплаймиз. Бунинг учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқаришимиз, сеники, меники демасдан муаммо ечимини биргаликда излашимиз шарт. Бу ҳозирги куннинг талаби, десам ҳам, хато қилмаган бўламан. Хўш, сиз бунга нима дейсиз?

Шавкат Бойхўрозов, вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи

Text to speech