18 Июл 2022 йил 484

Тожикистон Республикаси ИИВ делегацияси Самарқандда бўлди

Дўстлик, яқин ришталар, ҳамкорлик каби тушунчалар халқимизнинг ўзига хос азалий одатлардан саналади. Бу анъана ва қадриятлар яқинда Самарқанд шаҳрида меҳмон бўлган Тожикистон Республикаси ИИВ Милицияни ислоҳот қилиш миллий координатори, милиция полковниги Валихон Ҳамдамзода бошчилигидаги делегация аъзолари ташрифида ҳам яққол кўзга ташланди.

Жорий йилнинг 15 июль куни шаҳримизда меҳмон бўлган Валихон Ҳамдамзода бошчилигидаги делегация Самарқанд вилояти ИИБ фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Тизимдаги куч ва воситалар, ходимлар учун яратилган шароитлар, замонавий техника ва технологиялар, бугунги давр талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган асбоб-ускуналар мартабали меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

 

Бу жараёнларни кузатар экан меҳмонлар ўз ҳайратларини яшира олмади. Улар бир неча минг йилларга бориб тақалувчи ўзбек-тожик халқлари дўстлиги намунаси сифатида янада яқинроқ ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш каби масалалар ҳақида гапириб ўтди. Дарҳақиқат Самарқанд вилояти ИИБ, ҳамда бошқарманинг соҳавий хизматлари ва таркибий тузилмаларидаги жараёнлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

“Очиқ осмон остидаги музей” дея тарифланадиган Самарқанд шаҳри меҳмонларга чин маънода мўъжизалар мамлакатини эслатди, десак хато бўлмайди. Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарда жойлашган нилий гумбазлар ва сирли кошинлар, ансамбл ва мақбаралар, археология ва архитектура намуналари тожикистонлик меҳмонлар ҳайратини янада оширди.

Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли, Бибихоним жомеъ масжиди аждодларимиз ақлу тафаккури намунаси сифатида меҳмонлар кўз ўнгида гавдаланган бўлса, Сиёб деҳқон бозори олижаноб халқимизнинг меҳнатсеварлиги, меҳмондўслиги ва олижаноблигини яна бир карра намоён этди.

Тожикистон Республикаси ИИВ Милицияни ислоҳот қилиш миллий координатори, милиция полковниги Валихон Ҳамдамзода бошчилигидаги делегация аъзолари Самарқанд шаҳридан улкан-улкан таассуротлар билан пойтахтимиз Тошкент шаҳрига жўнаб кетди.

Text to speech