7 Июн 2021 йил 1552

Ургутда мих ёрдамида содир этилган қотиллик акс этган видеони ижтимоий тармоқларга тарқатган йигит қамоққа олинди

Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларидан зўравонлик ғояларини тарғиб қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди. «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасида давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашнинг йўлларидан бири сифатида зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилувчи ғояларни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш эканлиги мустаҳкамланган.

Жорий йилнинг 06 июнь куни ижтимоий тармоқларда Ургут туманида кўлидаги мих орқали бир кишини ўлдираётган фуқаро тасвири акс этган видеолавҳа тарқалди ва омма орасида турлича муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб боришди. Ваҳшийлик акс этган ушбу видеолавҳани ургутлик Ш.С. тарқатгани маълум бўлди.

Бу ҳам етмагандек, фуқаро Ш.С. билан бу каби зўравонлик ва шафқатсизлик акс этган лавҳаларни тарқатмаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш учун борган ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган.

Фуқаро Ш.С. га тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан Ш.С. га нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси барча ОАВ ходимлари, блогерлар ва фуқароларнинг ахборотни олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари мавжудлигини эслатиб ўтади. Фақатгина бундай ҳаракатлар қонун доирасида амалга оширилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 189-1 ва Жиноят кодексида 130-1-моддалар мавжуд бўлиб, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech