19 Ноябр 2020 йил 891

ҲУРМАТЛИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ АКАДЕМИЯСИНИНГ КУНДУЗГИ ТАЪЛИМИДА ЎҚИШ ИСТАГИДА БЎЛГАН НОМЗОДЛАР!

Жорий йилнинг 15 ноябридан ҳудудий ички ишлар органларида ИИВ Академияда ўқиш истагида бўлган номзодларнинг аризалари (билдиргилари)ни қабул қилиш жараёни бошланди.

 Маълумки, 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Академияси (бундан кейинги ўринларда – ИИВ Академияси)нинг кундузги таълим шаклига қабул Ички ишлар вазирлигининг идоравий академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек ўрта, ўрта-махсус ва касб-ҳунар маълумотига эга ички ишлар органлари ходимлари ҳамда ҳарбий хизматчилари ҳисобига амалга оширилмоқда.

Бунда номзодларнинг ёши ўн саккиздан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаслиги (шу жумладан йигирма беш ёшдаги), бўй-басти йигитлар учун 165 см. қизлар учун 160 см.дан паст бўлмаслиги талаб этилади. Қабул жараёни:

Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари битирувчилари учун – уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида;

ҳарбий академик лицейлар битирувчилари учун – (ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш тадбирлари) уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида ва (тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари) ҳарбий академик лицей жойлашган ҳудуддаги ички ишлар органларида;

ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун – уларнинг хизмат жойи ва ҳарбий қисмларда (муассасаларда) ўтказилади.

Академияга ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари принциплари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади:

дастлабки танлов – (ҳудудий жамловчи органларда амалга ошириладиган босқич бўлиб, бу босқичда кетма-кетликда тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш, номзод тўғрисидаги турли маълумотларни аниқлаш, оилавий аҳволи, ота-оналари ва яқин қариндошларининг ички ишлар органларидаги хизматга муносабати ва шу кабилар ҳамда номзоднинг соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқлилигини аниқлаш киради);

махсус касбий танлов – (ИИВ Академиясида амалга ошириладиган босқич бўлиб, бу босқичда кетма-кетликда ҳужжатларни ўрганиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, психофизиологик ўрганиш, ёзма иш (баён ёки иншо), умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш синовлари киради);

якка тартибдаги якуний суҳбат – (ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, адабиёт, маънавият асослари ва миллий истиқлол ғояси, асосий тушунча ва тамойиллар фанлари бўйича номзодларнинг билимларини ҳар томонлама ва холисона баҳолашдан иборат).

Психофизиологик ўрганиш, ёзма иш, умумжисмоний тайёргарлик ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражаларини баҳолаш бўйича тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 50 фоизидан кам балл тўплаган номзодлар қабул комиссиясининг қарорига кўра якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилмайди. Номзодлар синовларни ўзбек ёки рус тилларидан бирини танлаган ҳолда топширадилар.

Номзодлар учун қуйидаги имтиёзлар яратилган:

- Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги “Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 610-сон қарори асосида чет тилларини билиш даражаси ҳақида давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган номзодларга чет тили фанидан белгиланган максимал балл берилиб, чет тили фанидан ўтказиладиган синовлардан озод этилиши;

- хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари Академияга дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари ҳамда тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тақдимномаси асосида, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарори билан якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилиниши;

- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг хизматдаги офицерлари, контракт бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларининг ҳамда Миллий гвардиянинг хизматдаги ходимларининг фарзандлари, Академия кундузги таълим шаклига ўқишга ўтказиладиган қабул давомида, улар учун алоҳида ажратилган квоталар доирасида танловда қатнашишлари;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил
5 февралдаги “Ўзбекистоннинг ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида” фармонига мувофиқ ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари асосида, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган рўйхатдаги халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари Қабул комиссиясининг қарорига кўра, Академияга якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилиниши белгилаб ўтилган.

Қабул комиссияси томонидан махсус касбий танлов натижалари ва якка тартибдаги якуний суҳбат бўйича номзодни Академияга ўқишга қабул қилиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилинади. Номзодлар белгиланган квота асосида ўқишга қабул қилинадилар.

Маълумот учун айтиш керакки, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълимида ўқиш истагида бўлган номзодларнинг ҳужжатлари 2021 йилнинг 15 февралига қадар давом этади.

 

ИИВ Академиясининг Кадрлар бўлими.

Text to speech