9 Март 2023 йил 1747

Вояга етмаган қизни олиб қочган шахс ушланиб, қамоққа олинди

2023 йилнинг 8 март куни соат тахминан 8:00ларда, 1985 йилда туғилган фуқаро С.У. маст ҳолда оқ рангли “Нексия-3” русумли автомашина билан Самарқанд шаҳар Даҳбед кўчасидаги ўқув маркази олдида турган 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизга ўзини киракаш деб таништириб, уни уйига олиб боришини айтиб, алдаб ўтирғизиб, уйига олиб бормасдан, бошқа томонга бошқариб кетган.

Вояга етмаган қиз машинадан тушиб қолмоқчи бўлганда у машина эшикларини қулфлаб қўйган ва машинани Оқдарё тумани Бошдархон МФЙ, Янги обод қишлоғигача бошқариб бориб, автомашинасини шинаси босими чиқиб кетганлиги сабабли автомашинадан тушиб, ғилдиракларига қараётган вақтида қиз машинадан тушиб, қочиб кетиб, шу ерда бўлган фуқаролардан ёрдам сўраган.

Ҳолат юзасидан қизнинг яқинлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида С.У. қўлга олиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 137-моддаси (Одам ўғирлаш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда қамоққа олинган.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech